Ҳозирги кунда компьютер томографияси (КТ) диагностиканинг энг информатив усулларидан бири ҳисобланади. Бу усул шифокорларга одам танасидаги ички органларнинг анатомик тузилишини кўздан кечиришга имкон берди.
Диагностиканинг янги усулини кашф этган олимлар А.Кормак ва Г.Хаунсфилдлар 1979 йилда Нобель мукофоти билан тақдирландилар.
Компьютер томографиясининг иши рентген нурлари (Х-нурлар)нинг фойдаланишида асосланади. Бу нурлар одам танасидан ўтганда турли органлар билан ҳар хил даражада ўзлаштирилади. Сўнг бу нурлар махсус юқори сезувчан матрицага тушади, ундаги маълумот эса компьютерга ўтади. Компьютер бу маълумотни ҳар томонлама, масалан, рангли расм, турли хил жадвал, ёки графика кўринишида ифодалай олади. Оддий рентгендан фарқи унча катта бўлмаса ҳам КТ рентгендан кўра тананинг маълум қисмини аниқ ифодасини кўрсатиб беради. КТнинг сезгирлик даражаси эса оддий рентгендан 40-50 баробар юқори туради.
Компьютер томографияси услуби авваламбор неврология ва нейрохирургияда ишлатилади, чунки унинг ёрдамида шифокорлар илк бор инсон миясини кўра оладиган бўлишди. Кейинчалик компьютер томографлари ўпка, қорин бўшлиғи, сийдик йўллари тизими, суяк ва бўғимлар касалликларини ташхис қилишда ишлата бошлашди. Айниқса юрак билан боғлиқ касалликларга ташхис қўйишда КТ катта аҳамиятга эга. Унинг ёрдамида атеросклероз касаллигини дастлабки босқичларда аниқлаш мумкин бўлиб қолди. Масалан, бемор оғир жароҳатдан сўнг беҳуш ҳолда қабул қилинди, шифокор эса унинг ҳолати ҳақида умуман ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бунда беморнинг ҳаётини сақлаб қолувчи КТнинг ёрдами беқиёсдир. КТ оғриқсиз текширув бўлиб, унинг аниқлик даражаси 96-97 фоизни ташкил этади. Тиббиёт учун бундай кўрсатгич жуда юқори ҳисобланади.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, компьютер томографиясидаги рентген нурларининг нурланиш даражаси шу қадар заифки, унинг зарарлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳомиладор аёллар ва ёш болаларни текширувдан ўтказишдаги чекловлардан ташқари КТни деярли қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлари мавжуд эмас. Бу текширув шунчаки чиройли тасвир эмас, балки беморни даволашда усул ва сифатни белгилаб берувчи воситадир.
Бундан ташқари, диагностиканинг бу услубини деярли ҳар қандай давлат, ҳар қандай шаҳарда қўллаш мумкин. КТ беморнинг вақти ва пулини тежаган ҳолда унинг ҳолатига аниқ ташхис қўйиб беради.
Муаллиф: Баҳодир УСАНОВ
Манбаа: Шифо-инфо газетаси
Cайтимизда медицина техникаси ва дори-дармонлар учун савдо-сотиқ ва иш берувчилар учун эълон бўлимини очилди. Эълонни бериш учун Савдо шахобчасига марҳамат қилинг
© 2009-2010 DOCTOR.UZ
Барча хуқуқлар ҳимояланган.
Биз даволашни мақсад қилиб олмаймиз.
Ўз-ўзини даволаш соғлиғингизга зарар етказиши мумкин.